– Бу қизиқ –
ШАРҚНИНГ БУЮК ҚУДРАТИ ИФОДАСИ: МИЛЛИОННИНГ ЯРАЛИШИ
Миллион сўзининг ижод-кори венециялик савдогар Марко Полодир.
1271 йили венециялик савдогарлар Николо ва Маффео Поло, папанинг элчилари, мўғул хони Хубилай хузурига отланадилар. Уларнинг учинчилари 17 ёшли Марко, Николонинг ўғли эди. Савдогарлар 1000 лаб милларни босиб, кўп мамлакатлардан ўтиб, ниҳоят Хитойга етиб келдилар ва Хонбалиқ (Пекин) шаҳрига кирадилар.
Элчиларга, хусусан Маркога хон катта мулозамат кўрсатади. Марко 17 ёшда бўлишига қарамай унинг хизматига киради ва давлатнинг барча провинцияларини кезиб чиқади. Ҳатто улардан бирига ҳокимлик ҳам қилади.
У 1295 йили Хитойдан бир олам таассуротлар билан қайтади. Марко Италияда денгиз жангларидан бирида иштирок этиб, Генуя Республикасида асирга тушади. Қамоқда у ўзининг бошдан кечирганларини пизалик Рустичанога айтиб беради. Натижада янги китоб пайдо бўлади. Рустичано китоб муқаддимасида қуйидагиларни илова қилган эди: «Сиз бундан буюк Арманистон, Эрон, Татарлар давлати, Кашмир, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатлар ҳақида барча ажойиб ва ғаройиб маълумотларга эга бўласиз. Венециянинг ақлли ва доно фарзанди Марко Поло кўрганларини ва одамлардан эшитганларини аниқ ва тиниқ, тартиб билан баён қилади».
Марко Полонинг ҳикояларини уйдирма деб қабул қилишади, лекин у ўз хотираларида ҳақиқатни баён қилишга интилади.
«Ҳа, Хитойни Буюк хон бошқаради, унинг қўл остида сон-саноқсиз фуқаролар бор, даромадларининг ҳисоби йўқ. Дарвозасининг ҳашаматини сўз билан ифодалаб бўлмайди» – Эҳ, хаёлпараст бўлиб қолибсан Марко, – дейишарди дўстлари.
«Ҳа, у ерда кўчалар дарахтлар билан ҳошияланган. Одамлар эса олтин ва ёқутларни жон деб қоғозга алмаштиради», – Ёлғончи! Венециянинг биринчи рақамли ёлгончиси, – дея уни таҳқирлашарди.
… Венециялик савдогарлар давлатманд кишилар. Улар арифметикани жуда яхши билишади. «Милле» – улар қачонки ҳисоб 1000 га томон кетганда ушбу сўзни ишлатадилар. Марко энг бой маҳаллий савдогарлар ҳам Хубилайнинг амалдорлари олдида ўзини камбағаллигини тан олади, дея ишонтиришга интиларди. Ахир қандай қилиб Шарқнинг беадад бойлиги, қудратини бир сўз билан ифодалаш мумкин?
Ва Марко «Мильоне!» деб тушунтиради. «Мильоне» – бу сўз ғайриоддий, лекин тушунарли: «Милле», итальянчадан – минг; «Мильоне» – катта, буюк минг», «Мингта минг» деган маънони билдиради.
Шундай қилиб, «Мингта минг» маъносини англатувчи «миллион» сўзи Шарқнинг буюк қудрати ифодаси бўлиб Италияда пайдо бўлади ва муомалага киритилади. Буюк географик кашфиётлар замонига қадар Европага Осиёни таништирган биринчи саёҳатчига «Месер Марко Миллион», «Жаноб Миллион» каби номларни беришгани бежиз эмас.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.
«Humo» газетаси, 10.10.2002
[singlepic id=32 w=500 h=500 float=center]