– Бу қизиқ –
ХАЛҚАРО СЎЗЛАР МАЪНОСИНИ БИЛАСИЗМИ?
Ўзбек тили жуда ҳам бой тиллардан биридир. Тилимизга четдан ўзлашган сўзлар ҳам талайгина. Биз бундай сўзларнинг ҳаммасини ҳам қандай ясалганлиги, аслида қанақа маъно билдиришини билмаймиз. Қуйида бир қатор мана шундай сўзларнинг мазмуни ҳақида маълумот берилган.
КВАЗАР. 1963 йили астрономлар ўзидан жуда катта миқдорда, қуёшникидан миллион-миллион марта ортиқ энергия таратувчи осмон жисмини қидириб топдилар. Астрономлар ушбу ғайриоддий коинот жисмларига Квазарлар (лотинча квази (хаёлий, сохта, сунъий) ва инглизча стар (юлдуз) сўзларининг қисқартмаси) деб ном бердилар. Ушбу катта қувватли нур таратувчи жисмлар дастлаб, янглишиш оқибатида юлдуз дея қабул қилинган эди.
ЛАЗЕР. Белгиланган тезликда кучли ёруғлик жамланмасини юзага келтирувчи оптик квант генератори номи. Ушбу атама инглизча қуйидаги сўз бирикмасининг дастлабки ҳарфларидан ясалган: Light Amplification by Stimulated Emission of Radiation (нурланишнинг тезлашиши билан ёруғлик тўлқинининг кучайиши).
МОТЕЛЬ. Автомобилларда саёҳат қилувчиларга турли хил хизматлар кўрсатишни кафолатловчи, катта автомобиль йўллари бўйида жойлашган меҳмонхона номи. Мотель американча «Motorist’s Hotel» (Автомобилчилар меҳмонхонаси) иборасининг қисқартма кўринишидир.
САМБО. Россияда пайдо бўлган кураш тури. Ушбу спорт тури кучли оғриқни ҳис қилишга чорловчи усул (приём)ларни ўз ичига олади. Бу ўз-ўзини бошқа кучли ёки қуролли рақиб олдида ҳимоя қилишда қўл келади. Самбо русча «самооборона без оружия» (қуролсиз ўз-ўзини ҳимоя қилиш) иборасининг қисқартмасидир.
ТУЛА. Россиядаги эмас, балки океан орти — Мексикадаги шаҳар номи. Бу ном тўрт испан фамилияларининг бош ҳарфларидан тузилган: Топеме, Уилласеньор, Ласкано ва Арриола. Катта ер эгалари ўзларининг бошқарувларидаги ҳудудларни бирлаштириб, худди шу ерда шаҳар бино қилишга келишадилар. Шундай шаҳар ҳам пайдо бўлади ва эгалари шарафига Тула дея номланади.
ЭЛЕМЕНТ. Лотинчадан олинган фалсафа атамаси, азалдан мавжуд бўлган тўрт табиат унсури — олов, ҳаво, сув, ерни англатади. Ушбу сўз учта лотин алифбоси ҳарфлари номидан (L (эль), M (эм), N (эн) олинган. Ушбу атаманинг маъноси: сўз ҳарфлардан тузилгани каби жисм ҳам элемент (унсур)лардан ташкил топади.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.
«Humo» газетаси, 10.10.2002
[singlepic id=32 w=500 h=500 float=center]