АЙБ ФАҚАТ ЁШЛАРДАМИ? «Халқ сўзи». 25.01.2006

– Баҳс –

АЙБ ФАҚАТ ЁШЛАРДАМИ?

Маънавият инсон кўнглинда зуҳур топади. Қалбга эса буюриб бўлмайди. Кимгадир ажиб завқ бағишлаган нарсани бошқа биров рад этиши мумкин.

Айни пайтда комил инсонга хос юксак маънавият жамиятимиз тақдирини белгиловчи олий қадрият ҳисобланади. Хўш, бу борада қандай муаммолар мавжуд? Ёшларимиз руҳий дунёсига кириб келаётган ғоя ва қарашлар асрий анъаналар вориси бўлган халқимиз табиатига қанчалик мос келади? Цивилизация меваси саналган интернетдан тарқалаётган турфа хабарлар ёш қалбларга малҳамми ёки оғу? Худди шундай саволлар ушбу мавзудаги баҳсимиз қатнашчилари – турли ёш ва қарашдаги икки журналистнинг суҳбат мавзусидир.

Шуҳрат ЖАББОРОВ: – Ботиржон, сиз менга шуни айтинг: нега бизнинг қалб торларимизни жаранглатиб юборадиган, чуқур маъноли мумтоз куй-қўшиқлар ижро этилганда аксарият тенгдошларингизнинг чаккаси тиришади? Тўғри, қони қайноқ ёшлар кўнглига тезкор, шўх оҳанглар яқин. Лекин қўшиқ деганда сал-пал маъно бўлиши керак, алвасти кўринишдаги жинлар базмидан (бошқача таъриф тополмадим) завқ оладиган кимсани бамаъни одам деб ҳисоблаш мумкинми?

Ботиржон ҒОФУРОВ: – Фикримча, бу савол анча олдин кўндаланг бўлган эди. Гап ўзбек қўшиқчилиги, хусусан, эстрада санъатининг бугунги аҳволи эмас, балки ана шу санъат истеъмолчиларининг маънавий даражаси, савияси ҳақида кетмоқда. Хоҳлаймизми-йўқми, қўшиқчилик бугун нафақат санъат, балки бизнесга ҳам айланиб улгурди. Шунга асосан хулоса қилиш мумкинки, бугун катта ёшдагилар, кўплаб журналистлар танқид қилавериб, ҳеч чарчамаётган ўша «жинлар базми»ни эслатувчи қўшиқлар ҳар ой 10-15 тадан пайдо бўлаяптими, демак, уларга ҳам талаб бор. Бир нарсани унутмаслик керакки, ҳар ким ўзи истаган нарсадан завқ олади. Кимгадир Мотсарт, кимгадир реп ва яна кимгадир Шашмақом ёқади. Биз – ёшларнинг аксарияти маза-матрасиз қўшиқларни ётиб олиб эшитаётганимиз рост. Бу гапингизга тўла қўшиламан. Четдан назар ташлаганда, аҳолининг ярмини ёшлар ташкил этадиган юртда бу ҳолни салбий жараён деб аташ мумкиндир. Аммо бу эрда айбни фақат бизга ағдариш адолатдан эмас. Эҳтимол, ёшларнинг айнан шундай шаклланаётганига бошқа сабаб бордир? Балки таълим-тарбияда, оилавий муҳитда хатоларга йўл қўйилаётгандир?

Ш.Ж.: – Бу фикрга унчалик қўшилолмайман. Ҳеч қачон мактабдаги дарсларда халқимиз қадриятларига тескари борилмайди. Менинг назаримда, бугунги айрим ўғил-қизларимиздаги камчилик турмушдаги камчиликнинг йўқлигидадир. Жуда кўп кузатганман: ким инсонга самимий муносабатда бўлса, атрофдагиларни қадрласа, ўша одам ҳаётда қийинчилик кўрган, бир бурда ноннинг қандай пайдо бўлишини яхши билади. Ва аксинча, ким ота-онасининг ўта ғамхўрлиги қуршовида ўсса, ҳамма нарса бадастир бўлса, ўзгаларга беписанд, қадрсиз қарайди.

Б.Ғ.: – Қийинчилик? Ахир айнан ҳозирги ёш авлод эмасми, бозор иқтисодиётига ўтиш даврида улғаяётган, бу даврнинг кутилмаган муаммоларига дуч келаётган? Олий ўқув юртларига имтиҳон топширганларнинг ярми контракт асосида қабул қилинади. Ўқишга иштиёқи бўлган, аммо иқтисодий шароити туфайли талабалик бахтига эриша олмаган кўплаб тенгдошларимни биламан. Масалан, сизлар ўқиган пайтда бундай муаммолар йўқ эди, талабалик умрнинг олтин даврига бежиз тенглаштирилмаганди. Яқинда «Халқ сўзи» газетасида журналист З.Ашурованинг «Тунги барда бир кун» деб номланган мақоласи чоп этилди. Пойтахтимизда, вилоят марказларида болалаб бораётган бундай барлар, тунги клубларни ёшлар ўзлари очмаётгандир? Шаҳарнинг энг марказий, гавжум қисмларидан жой олиб, бундай «кўркам дам олиш муассасалари»ни ташкил этиш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Бунинг учун катта миқдорда пул, таниш-билиш керак. Хуллас, мен барибир фикримда қоламан: айрим ёшларнинг ҳозирги ҳолатга тушишига катталарнинг ҳам айби бор.

Ш.Ж.: – Ҳар замонга бир замон, дейдилар. Ғафур Ғуломнинг машҳур шеъридаги «Eтимлик нимадир бизлардан сўра…» сатрлари ёдингиздами? Бугун сизларнинг наздингиздаги қийинчиликлар 30-40 йил ва ундан олдинги даврдаги қийинчиликлар олдида нима бўпти? Халқимиз узоқ йиллар электр чироғисиз яшагани, янги пайдо бўлган техникадан чексиз ҳайратга тушгани бизнинг ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Умуман, инсон зоти машаққат чеккандагина қўлга киритган неъматнинг таъмини яхшироқ ҳис қилади. Бундан уч йил муқаддам ўғлим ишлаётган идора раҳбарларидан бир нарсани илтимос қилдим: менинг фарзандим ҳамма шарт-шароит муҳайё этилган пойтахтда эмас, бу эрдан анча узоқда, нисбатан қийинроқ шароитда ишласа дегандим. Ҳозир ҳам у бошқа вилоятда ижарадаги уйда туриб ишлайди. Нолигани сайин ичимда мамнун бўламан. Ахир шундай ноқулай шароитлардагина одам ҳаётнинг қадрига этади. Амалда бунинг тескарисини ҳам кўрганмиз. Фарзандига барча «комфорт»ларни сунъий равишда яратиб берадиган меҳрибонлар қанча…

Б.Ғ.: – Аммо ёшлар орасида ҳеч нарсага қарамай, таъбир жоиз бўлса, «ёриб чиқаётганлар» ҳам борлигини тан олсангиз керак. Улар спорт, санъат, илм-фан соҳасида илгари эгалланмаган марраларни забт этмоқда. Ва бу ёшлар мумтоз қўшиқларимизни ҳам, миллий ўзбек адабиётини ҳам, замонавий фанларни ҳам, интернет технологияларини ҳам яхши билади. Битта мисол келтираман. Давронбек Тожиалиев исмли бир талаба ташкил қилган www.ziyouz.narod.ru интернет-сайти бор. Бугунга келиб кирувчилар сони 27 минг 800 нафарга этган бу сайтга Умар Ҳайём, Ҳофиз Шерозий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шавкат Раҳмон каби шоирларнинг барча шеърлари, мумтоз адабиётимиз намояндаларининг шоҳ асарлари электрон кўринишда киритилган. Сайтдаги миллий маънавиятга бағишланган форум саҳифаларда эса ҳар куни 200 дан зиёд ёшлар қатнашади.

Ш.Ж.: – Сиз келтирган мисолдан шу пайтгача бехабар эканман. Албатта, бундай ҳоллар ҳар бир юртдошимизни қувонтиради. Лекин, таассуфки, бунақа ижобий мисоллар оммавий тарзда учрамайди, аҳён-аҳёнда ярқ этиб чиққан истеъдодлар ой сайин, кун сайин кўпайса айни муддао бўларди. Сизнинг завқингизни келтирган интернет айрим ҳолларда маънавий оламимизга кушанда бўлаётганидан ҳам хабарингиз борми? Мендаги маълумотларга кўра, бугунга келиб танишув сайтларида ўзбекистонлик 10 мингдан зиёд қиз, 24 минг нафар йигит рўйхатдан ўтибди. Ёшлар бу замонавий алоқа воситаси орқали танишиб, бир-бирларига маърифат тарқатса майли эди. Аммо уларнинг деярли барчаси шунчаки «дўстлашиш», ҳуда-беҳуда ёзишмалар, баъзан ҳатто тилга олиб бўлмайдиган бемаза ниятларни кўзлаётганига нима дейсиз?

Б.Ғ.: – Миллий менталитетимизга, маънавий оламимизга зарар келтираяпти, деб тсивилизатсиянинг энг катта ютуқларидан бўлган интернетни чеклаб бўлмайди-да. Ҳар қандай кашфиётдан, янгиликдан фойдали жиҳатни ажратиб олиш мумкин. Ш.Ж.: – Йўқ, мен унақа демоқчи эмасман. Ёпирилиб келаётган ахборот оқимини тақиқлаш, ёшларимизни ундан холи сақлашга уриниш беҳуда машғулот. Фақат бизнинг замондошимиз интернет саҳифаларига кирадими, телеканалларни бурайдими – ўз халқи руҳига мос, эзгуликка, бунёдкорликка, хайрли ишларнинг рўёбга чиқишига бағишланган материалларни ўзига олсин, шунга ички эҳтиёж сезсин.

Б.Ғ.: – Яқинда интернетда «Узбекистания» деган сўзга кўзим тушиб қолди. Узоқ қидирувлардан кейин нима эканлигини билдим. «Узбекистания» (Uzbekistania) 1934 йил кашф этилган, Эрдан миллионлаб чақирим олисда сузиб юрган улкан сайёранинг номи экан. Бошқаларга қандай таъсир қилишини билмайману, аммо бу воқеа қалбимни тўлқинлантириб, ғурурга тўлдирди. Ушбу мисолни келтиришдан мақсад ёшларда Ватан туйғусини, миллий-маънавий иммунитетни шакллантириш учун уларга соатлаб маъруза ўқиш шарт эмаслигини айтмоқчи эдим. Яна бир мисол. Ўтган йилнинг боши эди. Жаҳон чемпионатига саралаш ўйинини кўриш учун Тошкентдаги марказий футбол ўйингоҳига бордик. Мамлакатимиз миллий терма жамоаси майдонга чиқиб келаётганда давлатимиз мадҳияси янгради. Ана шу пайт қўлларини кўксига қўйиб, мадҳияга жўр бўлаётган ёшларни кўриб, бениҳоя таъсирланган эдим. Улар Ватан қўшиғини ҳеч қачон бу қадар мағрур тингламаган бўлса керак. Маънавий тарбия жараёнида инсоннинг юрагига этиб борадиган шундай усуллардан фойдаланиш этарли даражадамикан?

Ш.Ж.: – Ҳаёт сиз ва биз ўйлагандан кўра серқирра, ранг-баранг. Уни ҳеч бир низом ёки йўриқномага жойлаб бўлмайди. Ватанни ҳар ким ўз тасаввури доирасида севади. Эртаю кеч далада тер тўкиб, оиласи, бола-чақаси, хўжалиги учун ишлаётган оддий деҳқон кўчага чиқиб «Мен ватанимни севаман!», дея жар солмаслиги мумкин. Ҳамкасбимиз Алиқул Хонимқулов таъбирича, бундай инсонлар ватанни жим севишади. Очиғини айтинг, бугунги кунда ёшлар маънавий эҳтиёжини қондириш учун ҳамма нарса муҳайё эмасми?! У ҳолда хавотир нимадан? Менинг назаримда, катта ҳаётга қадам қўяётган навқирон қалблар боқимандалик, истеъмолчилик, худбинлик иллатларидан сақланмоқлари лозим.

Б.Ғ.: – Худбинлик – жамики эзгу, хайрли ишларнинг кушандаси. Фақат ўзимга бўлса, бошқа билан нима ишим бор, деган кайфият, билмадим, аслида инсоннинг табиатида мужассаммикан? Яна ўйлайман, агар ундай бўлганда, дунё бунчалик гўзал, жозибадор бўлмасди. Юртимизда комил инсон тарбияси жамиятнинг асосий масаласига айланганлиги жудаям тўғри. Жаҳоний тажрибани ҳисобга олганда ҳам, ўз халқимиз кечмиши назарда тутилганда ҳам бу борада зиёлилар пешқадам бўлишлари керакка ўхшайди. Ёки сиз бошқача фикрдамисиз?

Ш.Ж.: – Болалик хотираларимда муҳрланиб қолган: қишлоғимизда энг обрўли шахс, бу – ўқитувчи эди. Кейинчалик мактабга эътибор сусайди. Кўпгина муаллимлар ёғли, серпул соҳаларга ўтиб кетишди. Буни қарангки, замон яна айланиб келиб, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи ортмоқда. Кейинги йилларда ўқитувчилар мактабга қайтишяпти. Бундай ҳол фақат уларнинг маошлари кўпайгани учунгина эмас, айни пайтда бутун эътибор мактабга қаратилаётгани боис рўй бермоқда. Узоқни кўзловчи сиёсат учун эл-юрт дуо қилмоқда. Мана, Японияни олинг, бир вақтлар қолоқ бўлган бу ўлка айнан таълим-тарбияга эътиборни кучайтириб, энг тараққий этган мамлакатлар қаторидан жой олди. Агар бизда ҳам пойдевор мактабдан пухта қўйилса, натижаси яхши бўлади.

Б.Ғ.: – Япон халқи жуда заҳматкаш, мақсад сари сабот билан интилади…

Ш.Ж.: – Бизнинг халқимизчи? Шундай бағри кенг, сабрли, қаноатли, ўтган кунига шукр қилувчи халқ яна қаерда бор? Ўзбекнинг табиати японларга қанчалик яқинлигини кунчиқар мамлакатдан келтирилган мароқли филмлардан ҳам билдик. Қаранг, ҳар қандай муваффақиятнинг замирида меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат ётади. Ўтган ҳафта ўз ниҳоясига этган Жанубий Кореянинг «Сарой жавоҳири» сериалида ҳам қалбнинг туб-тубидаги эзгу ниятларга эришиш учун филм қаҳрамони йўлидан сув чиқса симириб, тош чиқса кемириб келди. Шуларни кўриб таассуф чекаман: нега узоқ йиллар Мексика, Бразилиянинг чучмал мелодрамаларини кўриб келдик? Руҳимизга яқин асарлар бу ёқда экан-ку?..

Б.Ғ.: – Ойнаи жаҳонда намойиш қилинадиган филмлар ҳақида сўз очиб яхши қилдингиз. Бугунги кунда телевизор ҳар биримизнинг ҳаётимизга сингиб кетган. Ишдан қайтган одам кечки овқатни ҳам экранга қараб тановул қилади. Баъзан ўзимизнинг теледастурга қараб, бугун ҳеч нарса йўқ экан деб қўямиз. Шундай ҳолларда беихтиёр чет эл каналларига мурожаат қиламиз-да.

Ш.Ж.: – Гапингизни тушундим. У каналлардаги кўрсатувларни ўзгартириш бизнинг қўлимизда эмас. Бунинг учун Тошкентдан намойиш этилаётган олтита канал шундай мароқли бўлиши керакки, токи бошқасига ҳожат қолмасин.

Б.Ғ.: – Бугунги авлод ўтмиш аждодларимиздаги қайси жиҳатларни ўзига қабул қилиши керак, деб ўйлайсиз?

Ш.Ж.: – Мардлик, тантилик, орият халқимизнинг азалий қадриятларидандир. Ўзбекда «Белда белбоғинг борми?» деган ибора бор. Бу – йигитмисан, ўз ор-номусингни ҳимоя қила оласанми, деган маънони англатади. Инсон ўз иззат-нафси учун қандай талашиб-тортишса, киндик қони тўкилган замин, яъни Ватани шаъни учун ҳам шундай кураша олиши керак. Биз ёшларимизда ана шу фазилатлар мустаҳкам таркиб топишини истаймиз. Ахир, сизлар Ўзбекистоннинг эртанги тақдирини белгилайсизлар! Бунга ҳеч ким бефарқ бўлолмайди.

Б.Ғ.: – Биз бу йўлда адашмаслик учун нима қилишимиз керак?

Ш.Ж.: – Сўраганингиз учун айтаман, бировга ақл ўргатишдан йироқман. Ўзбек халқи табиатан жамоа бўлиб, ҳамфикр ва ҳаммаслак яшашга мойил. Эътибор қилинг: қаерда ёт ғоялар билан кўзга ташланган инсон дуч келса, у, албатта, бошқалардан панада, биқиқ турмуш тарзи кечирган бўлади. Жамоатчилик бағрида бўлган одам ёвуз ниятларни ўйламайди. Албатта, эътиқоди, яшаш тарзи, касб-кори, маълумоти жиҳатдан ҳар ким турли даражада бўлиши табиий. Лекин уларнинг ҳаммасини бир хислат – ниятнинг поклиги бирлаштириб туриши керак. Тинч-осойишта ҳаёт, бунёдкорлик, хайрли ишлар – халқимизнинг асосий фазилати. Бунга эса, пок ният билан эришилади. Энг тўғри мезон, назаримда, шу.

«Халқ сўзи» газетаси, 25.01.2006

[singlepic id=66 w=500 h=500 float=center]

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *