– Изҳор –
МЕНИНГ МУҲАББАТИМ…
…Шу куни бу дунёда энг яхши кўрган инсоним билан роса йиғлашдик. Ҳа, жонимдан ортиқ севган одамим мени ўзимдан-да кучлироқ севади. Буни унинг ҳар нафасидан сезиб тураман. Ишонинг, ҳар айтган сўзлари мени қайтадан дунёга келтиради. Баъзида биргина қўнғироғимни қанчалар интиқлик ила кутишини, мени ўйлаб йиғлаши, ҳатто тунлари бедор бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман. Мен унга совға қилган арзимас нарсани ҳам фахрга тўлиб, элга достон қилади. Эришган ҳар бир ютуқ-муваффақиятимдан боши кўкларга етади.
Мен-чи? Нега унинг менсиз яшай олмаслигини, ҳафтада атиги бир мартагина қиладиган қўнғироғимни қанчалар интизор кутишини ҳис қилмайман? Нега бир оғиз ширин сўзимни ундан қизғанаман?
Ахир, унинг шаънига мақтов-олқишлар ёғдирсам арзийди-ку! Ёки шунчалар бемеҳр, оқибатсиз бўлиб кетдимми? Баҳонамни қаранг: “Ишларим кўпайиб кетиб, телефон қила олмадим”. У ёқдан жавоб келади: “Нима, ахир, бир ҳафтадан буён ҳар бир қўнғироққа илинж ила қулоқ тутаман-ку! Чоршанба кутдим, шанба кутдим… Шу телефон деганлариям кўзимга дунёдаги энг ёмон матоҳдек кўриниб кетди”.
Ва ниҳоят, душанба куни телефон қиламан: гўшакдан унинг ёруғ оламда ҳеч бир овозга қиёслаб, менгзаб бўлмайдиган саси эшитилади. У унсиз йиғлар эди… Мен ҳам ўзимни тутолмадим —йиғлаб юбордим…
Ҳа, мен ҳам сизни ҳаммадан кўра ортиқ яхши кўраман, ОНАЖОН!
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ
«Oila va jamiyat» газетаси, 27.10.2010
[singlepic id=72 w=500 h=500 float=center]