МЕН НА ДЕЙМАНУ… «Oila va jamiyat». 13.10.2010

– Таассуф –

МЕН НА ДЕЙМАНУ…

Машинада кетаётиб, радио эшитишга тўғри келди. Қайсидир каналдан интеллектуал ўйин бўлаётган экан.
Бошловчи:
— Ҳурматли тингловчилар, берилган саволларга тўғри жавоб топганлар ўз яқинларига салом ва табрикларини йўллаш имконига эга бўлишади. Телефон рақамларимиз: 8181.
Тезда қўнғироқ бўлди. Танишувдан сўнг бошловчи савол берди:
— Норвегиянинг пойтахти?
— Вариантлар борми?
— Йўқ. Майли, сизга ёрдам бера қолай, жавоб тўртта ҳарфдан иборат.
— Эрон.
— Нималар деяяпсиз? Эрон пойтахт эмас, давлат-ку! Узр, сиз билан хайрлашамиз, марҳамат, кейинги иштирокчининг жавобини эшитайлик-чи.
— Шотландия.
Хуноб бўлган бошловчи учинчи иштирокчига ҳам мазкур шаҳар номи бор-йўғи 4 та ҳарфдан иборатлигини тушунтирди. Коллеж ўқувчисининг жавоби ҳаммасидан ошиб тушди:
— Рим(!).

* * *

…Маҳаллий телеканаллардан бирида интеллектуал ўйин намойиш этилаётган эди. Бошловчи «Ҳумоюннома» асарининг муаллифи ким?» деб савол берди. Тўғри жавоблар бўлавермади. Шунда бошловчининг ўзи “ёрдам” бера бошлади:
— Ҳумоюн буюк ватандошимиз, ғазал мулкининг султони (!), бир қанча ғазал, ҳикоялар (!) муаллифи Бобурмирзонинг фарзанди бўлади!
Афсуски, ғазал мулкининг султони Бобур эмас, Алишер Навоий ҳазратлари эканлигини, ўзбек адабиётига ҳикоя жанри XX асрнинг бошларидагина кириб келганини англамаган бошловчи “Ҳумоюннома” муаллифи Гулбаданбегим ҳақида ҳам маълумотга эга эмас экан. Шунинг учун ҳам у бир боғдан, бир тоғдан келаётганди…

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

«Oila va jamiyat» газетаси, 13.10.2010

[singlepic id=73 w=500 h=500 float=center]

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *