– Ҳидоят гулшани –
ТЎРТ БОЛАКАЙ ДУОСИ
Маккаи мукаррамада 4 нафар ёш болакайлар — Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг неваралари Абдуллоҳ ибн Зубайр, Урва ибн Зубайр, Мусъаб ибн Зубайр ҳамда уммавийлардан Абдулмалик ибн Марвон Байтуллоҳда ўтириб, “келинглар, шу ерда бир дуо қилишайлик, зеро Каъбатуллоҳдаги дуоларни Аллоҳ қабул қилар экан” деб мақсадларини баён қилишибди.
Мусъаб ибн Зубайр айтибди: “Аллоҳ менга имконият берса-ю, Ироққа ҳоким бўлсам…”
Абдуллоҳ ибн Зубайр айтибди: “Аллоҳ менга имконият берса-ю, Маккага ҳоким бўлсам…”
Абдулмалик ибн Марвон айтибди: “Сизларнинг ҳимматингиз паст экан. Мен бутун дунёга халифа бўлишни сўрайман”.
Урва ибн Зубайр айтибди: “Аллоҳ менга шундай илм берсаки, одамлар келиб Каломуллоҳни мендан ўргансинлар”.
Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини қабул қилди.
Ҳақиқатан ҳам Абдулмалик дунёга халифа бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Маккада ҳоким бўлди. Урва ибн Зубайр эса, Мадинанинг энг катта етти фақиҳидан бири бўлди.
МАЪСУМ ОЁҚ
Урва ибн Зубайр Мадинада фақиҳлик қилган вақтларида халифа Валид ибн Абдулмалик Сурияга зиёратга чақиртирибди. Урва у ерга кичик ўғиллари билан бирга борибдилар. Фақиҳ халифа билан суҳбатда экан, отларга қизиқувчан ўғилларини отхонада от тепиб ўлдириб қўйибди. Урва ўғилларини кўмиб бўлмаёқ, қорасон касаллигига дучор бўлибдилар. Қорасон тобора кенгайиб борар, табиблар оёқни кесиб ташлаш кераклигини айтишибди. Урва розилик бергач, табиблар:
— Озроқ ароқ ичказсак-да, унинг таъсирида оғриқни сезмай турасиз, тезда кесиб оламиз.
— Аллоҳ таоло менга ато этган саломатлик неъматини сақлаб қолиш учун у ҳаром қилган ароқни ичмайман.
Табиб аввал катта пичоқ, сўнг суякни кесадиган аррани у зотнинг олдига қўйиб, сўнг 3-4 кишини чақирибди. Шунда Урва сўраган эканлар:
— Бу одамларни нима қиласиз?
— Улар сизнинг оёқ-қўлларингизни босиб туришади.
— Уларнинг ўрнига мен хизмат қилсам-чи? Аллоҳни зикр қилиб тураман. Сиз эса кесаверинг.
Ҳазрат “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб зикрга тушиши билан ишга киришишибди. Кесиб бўлингач қонни тўхтатиш учун оёқларини қайнаб турган ёққа солишибди. Шунда у зот хушларини йўқотибдилар.
Урва ибн Зубайрнинг одатлари кундуз куни 8 пора, кечаси 2 ракаат нафлда яна 8 пора Қуръонни умр бўйи тарк қилмаган эканлар. У кишинг одатлари фақатгина шу куни тарк бўлган экан.
Хушларига келиб сўраганлари: “Оёғим қани?” — бўлган экан. Кесилган оёқларини олиб келиб беришса, у зот уни ўпиб шундай деган эканлар:
“Эй оёғим, кечалари сени устингда мени масжидга юргизган Аллоҳга қасамки, мен сени ҳаргиз ҳаромга босмаганман. Мендан рози бўлгин”.
МУСИБАТ УСТИГА МУСИБАТ
Ҳузурига ташриф буюрган пайтдаги Урванинг мусибатларидан кўзлари ёшланган халифа яна меҳмон қабул қилибди: бир кўр киши. Ундан мусибати сабабини сўраганда, кўр киши шундай ҳикоя қилибди:
“Мен шаҳримдаги энг бой одам эдим. Энг бола-чақаси кўпи ҳам мен эдим. Аллоҳ ҳар жиҳатдан менга неъматни комил ато этган эди. Бир шаҳардан иккинчисига кўчиш мақсадида молларни туяларга юклаб кета бошладик. Бир жойда бола-чақаларим дам олиш учун тўхташимни илтимос қилишди. Ўша ерга чодир тикиб, молларни тушириб дам олдик. Билмаган эканман, у ер селнинг йўли бўлиб, кечқурун сел келиб ҳамма нарсамни ювиб кетди. Тепароққа бешикка илинган болам ва бир туядан бошқа ҳеч нимам қолмади. Туядан ҳам ажраб қолмай деб уни қувсам, қочиб кетди. Шунда болам чинқираб қолди. Туядан кечдим деб боламнинг олдига борсам, уни бўри ғажиб қўйди. Боладан ажраб, энди туяни тутиб олай деб югурсам, туя орқа оёғи билан тепиб кўзимни кўр қилди. Бир соатнинг ичида бола-чақа, мол-дунё ва соғлигимдан ажраганман.”
Шунда халифа: “Бу кишини Урва ибн Зубайрнинг олдига олиб боринглар. Зеро, Урванинг мусибати олдида бу кишиники ҳеч нарсамас” — дебди.
ЖАННАТДАГИ ИФТОРЛИК
Халифа Урва ибн Зубайрни уйлари Мадинага кузатибди. Урва уйлари эшигини тақиллатар экан, шундай дебдилар:
— Аёлим, эшикни очма, токи сенга бир гапни айтиб олай. Очганингдан сўнг кўрганинг сени қўрқитмасин. Менга тўртта ўғил бериб, биттасини олган Аллоҳимга ҳамд бўлсин! Менга 4 тараф (икки қўл, икки оёқ) бериб, энди биттасини олган Аллоҳимга мақтовлар бўлсин!
Бутун Мадина халқи у кишига таъзия билдирибди. Уларнинг айтган гаплари қулоқларига кирмас экан-у, илло Муҳаммад деган бир зотнинг фикрлари у кишига таскин берган экан:
“Эй, Урва! Башорат, хурсандликлар сизга бўлсинки, сиз шунақанги бахтли инсонсизки, сизнинг бир ўғлингиз билан, бир аъзоингиз сизни жаннатда кутиб ўтирса… Умидим борки, кесилган бир оёғингиз, жаннатда иккинчиси билан бирлашади”.
Касалликлари авжига чиққан маҳалда ҳам у зот рўзадор эканлар. Шунда қизлари шундай деган экан:
— Аллоҳ таоло банданинг тоқати етмайдиган нарсага даъват қилмайди. Нега рўза тутяпсиз?
— Эй қизим, умидим борки, ифторликни ҳавзи кавсарнинг бўйида ҳурлар билан қилсам…
Ўғиллари бизга сўнгги бор насиҳат қилинг, деб сўраганда, у зот шундай деган эканлар:
— Эй ўғлим, дунёдаги ҳеч бир ифлослик беилм қариб қолишга тенг келмайди.
Шу куни асрдан сўнг Урва ибн Зубайр вафот этган этдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!
ФОЙДАЛИ ГАПНИ ҲАМ КАМ ГАПИР
Шафеъ Усмоний ҳикоя қилади:
“Бир куни устозим Ҳусайн Асғарнинг олдига келдим. У киши айтдилар: “Эй, Шафеъ, менинг олдимга келганингда ҳиндча гаплашмайлик, ундан кўра арабча гаплашайлик”. Мен 10 йилдан бери Девбандда таълим оламан-у, лекин ҳеч арабча гаплашмаган эканман. Устозимнинг ҳам арабча гаплашганларини аввал ҳеч кўрмаган эдим.
У кишидан сўрадим: “Устоз, мен арабча гаплашишни яхши билмасам, ҳиндча гаплашаверсак бўлмайдими?”
У киши шундай жавоб бердилар: “Сенам арабчани яхши гапиролмайсан, мен ҳам. Агар арабча гаплашсак, фойдасиз гапларимиз ҳам камроқ бўлади”
Агар яхши гап ҳам кўпайиб кетса, бири иккинчиси билан аралашиб, эсда қолмайди. Шунда мен у кишининг кайфияти яхшилигини билиб, у зотдан бир ўгиз насиҳат сўрадим. У киши:
— Узоқ сафарга чиққанмисан?
— Ҳа, чиққанман.
— Мен ҳам кўп сафар қилдим. Бир киши сафар қилса, кўпроқ маблағни олиб, ўша шаҳарга бориб, бозорларни айланади ва кўп молларни харид қилади. Охири эса пули кам қолиб, овқатга ҳам ўйлаб ишлатадиган бўлади. Ўғлим, биз ҳам узоқ сафарга шу дунё бозорига келдик. Бизга берилган мояна – умрнинг асосий қисмини бўлар-бўлмасга сарфладингми, энди буёғига унинг ҳар сониясини ҳам ўйлаб ишлатгин!”
ФОҲИШАГА ҲАМ ОЗОР БEРМА!
Шафеъ Усмоний ҳикоя қилади:
“Устозим Ҳусайн Асғар қариб қолган пайтлари эди. Бир куни у зот Девбанд шаҳридаги эски фоҳишанинг уйи олдидан ўтар экан, кавушларини ечиб, оёқ учида ўтиб кетдилар. Мен бу ҳолатга кўп гувоҳ бўлдим-у, лекин бу забардаст олимдан ҳолатнинг сабабини сўрашга ҳижолат бўлардим. Бир куни кайфиятлари яхшилигида бунинг сабабини сўрадим. Шунда у зот жавоб бердилар:
“Бир пайтлар бу фоҳишанинг бозори жуда қизиган. Энди эса қариб, уникига биров келмай қолди. Энди мен кавушимни тақиллатиб, унинг уйидан ўтсам, “ана, кимдир меникига келяпти” деб турсаю, кейин мен ўтиб кетиб қолсам бечоранинг кўнгли ўксимасин… Инсоннинг дилини оғритган киши ҳеч қачон валий бўлолмайди.”
ШАЙТОН ВАСВАСАСИ ИЙМОНДАН АЙИРАДИМИ?
Ашраф Али Таҳонавий айтадилар:
“Бир киши менга хат ёзиб, ўз ҳолатини баён этди:
“Ҳазрат, менинг қалбимга шундай ярамас, қабиҳ фикрлар, алфози куфрлар келадики, агар у гапларни тилимга чиқариб юборсам, кофир бўлиб кетаман, деб қўрқаман. Мана шундай ифлос фикрлар кўнглимга келганда мен иймондан ажраб қолмайманми? Ушбу мактубни ёзяпман-у, шуларни ўйлаб, кўзимдан ёш тўхтамаяпти…”
Кейин мен унга жавоб ёздим:
“Шундай хаёлотлар келганда сиз уни қандай қаршилаяпсиз?”
“Тақсир, бунақа ҳолатда қалбим эзилиб кетади. Ҳалиги ярамас хаёлни ичимдан чиқараман, деб ўзимни қийнаб, йиғлашгача бораман, аламланиб кетаман”.
“Сиз бешак мусулмонсиз. Аллоҳ агар сизга раҳм қилмаганида шу фикрни тилингизга чиқарган бўларди. Расулуллоҳ с.а.в. дердилар: “Шайтоннинг ишини фақат васваса қилиш қилиб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!” Демак, шайтон бизни васваса қилади-ю, ундан уёғига ўта олмайди. Шайтон зинога даъват қилиши мумкин, лекин сизнинг қўлингиздан етаклаб, у ишни қилдиролмайди.
Менинг даргоҳимда минглаб инсон ваъз тинглайди. Қани биронтаси туриб “менинг қорнимда нажосат йўқ”, деб айтсин-чи. Модомики, ҳамманинг қорнида нажосат бор экан, то у ташқарига чиқмагунча таҳорат синмаяптими, қалбдаги ифлос нарсалар тилга чиқмагунча иймон ҳам синмайди”.
Ёрқинжон қори маърузалари асосида АбдулАзиз тайёрлади.
«Vatandosh» газетаси, 11.07.2011