2011 йил ҳам тарих саҳифаларига кўчди. Ўтган йилда юртимиз ҳамда янги йилда 1 ёшини нишонлайдиган газетамиз ҳаётида юз берган энг эсда қоларли воқеалар қуйида танишишингиз мумкин.
ЎЗБЕКИСТОН ЙИЛНОМАСИ – 2011
19 январь. Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) жаҳоннинг энг яхши ҳакамларини аниқлаш мақсадида 83 мамлакат экспертлари ўртасида ўтказилган сўровда 128 балл жамғарган ўзбекистонлик FIFA рефериси Равшан Эрматов йигирма ҳакам ўртасида иккинчи ўринга лойиқ топилди.
Июль. Ўзбекистон темир йўллари” компанияси қуриб берган “Ҳайратон – Мозори Шариф” темирйўл линияси ишга туширилди. Ушбу траспорт артерияси Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Ҳайратон шаҳрини Мозори Шариф шаҳри аэропорти билан боғлайди.
4 июль. Мексикада ўтказилган футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси биринчи марта муваффақиятли иштирок этиб, мусобақа чорак финалигача етиб келишди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил» эсдалик нишони ҳамда “Лаcетти” ва “Спарк” автомашиналари билан мукофотланди.
5 июль. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида янги тайинланган АҚШ элчиси Жорж Кролдан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди.
7 июль. “General Motors Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонасида биринчи двигатель ишлаб чиқарилди. 2011 йилнинг ноябрь ойидан қўшма корхонанинг тижорат линияси ишга тушди. Бу ерда йилига 225000 та 1.2 ва 1.5 литрли B-DOHC типидаги двигателлар ишлаб чиқарилади.
15 июль. Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев илк марта Олий Мажлис олдида ҳисобот берди.
17 июль. Ўзбекистон халқаро траспорт йўлаги бўйича битимни тасдиқлади. Ушбу янги халқаро транспорт йўлаги Марказий Осиё мамлакатларини Форс ва Уммон кўрфазларидаги бандаргоҳлар билан боғлайди.
20 июль. Тошкент шаҳридан 235 километр узоқликда, жануби-шарқий йўналишда, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари чегарасида кучли зилзила содир бўлиб, у ерда ер силкиниши Рихтер шкаласи бўйича 7-8 баллни ташкил этди. Ернинг силкиниш кучи Андижон ва Фарғона вилоятларида 5 балл, Наманган вилоятида 4 балл, Тошкент шаҳрида эса 5 балл даражасида қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, зилзила оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етган. Бунинг оқибатида 13 нафар фуқаро ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам жароҳатланган.
1 август. Ўзбекистонда илк марта биометрик паспорт бериш Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Ҳамза, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида бошланди.
10 август. Давлат статистика қўмитаси эълон қилган хабарга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 28 млн. 639, 000 га етди. 2010 йил охирида аҳоли сони 28 млн. 234, 000 эди. Ўсиш суръати 1.4 фоизни ташкил этган.
24 август. Ўзбекистонлик Ришод Собиров Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди.
24 август. Ўзбекистон ва Жанубий Корея Устюртдаги Сурғил конида газ-кимё заводи қурилиши учун 4,1 млрд. долларлик келишувни амалга оширдилар.
25 август. 2011 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, GM Uzbekistan автомобиллари Россияга импорт қилинаётган автомобиллар орасида иккинчи ўринни эгаллади. Январь-июнь ойларида 44100 дона ўзбек автомобили Россияга импорт қилинган.
28 август. Чехиянинг “Pragoimex a.s.” компаниясида ишлаб чиқарилган “Vario LF” русумли 20 та янги трамвай вагонлари Тошкент шаҳрида линияга қўйилди.
30 август. «Тошкент — Самарқанд» темир йўли йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу поезд 250 км/соат тезликда ҳаракатланиш имконига эга бўлиб, Марказий Осиёда ягонадир.
6 сентябрь. Халқаро каноэ федератсияси (ICF) каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, икки карра жаҳон чемпиони Вадим Менковни кетма-кет учинчи маротаба жаҳоннинг “энг яхши каноэчиси”, деб эълон қилди.
5 октябрь. Тошкентда Миллий кутубхона ва симпозиумлар халқаро маркази биноси қурилиши тамомланиб, фойдаланишга топширилди.
22-23 октябрь. АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ташриф буюрди. Унинг сафари чоғида Ўзбекистон билан Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, иккала томонни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар муҳокама қилинди.
29 октябрь. Қарши шаҳрининг “Насаф” жамоаси Осиё футбол конфедерацияси кубоги учун ўтказилган халқаро турнирнинг финалида ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритди.
31 октябрь. Россиянинг Тюмень шаҳрида дзюдо бўйича мутлақ вазн тоифасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Абдулла Тангриев жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
16 ноябрь. Литванинг Вильнюс шаҳрида самбо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатининг жанговар самбо баҳсларида қатнашган ўзбекистонлик Истам Қудратов олтин медални қўлга киритди.
23 ноябрь. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров иккинчи бор Осиё Футбол Конфедерациясининг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Бу шарафга у биринчи бор 2008 йилда лойиқ деб топилган эди.
23 ноябрь. Малайзия пойтахти Куала Лумпурда ўтказилган тақдимот маросимида Равшан Эрматов кетма-кет тўртинчи марта (2008, 2009, 2010, 2011 йиллар) Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилди. Шунингдек, ўзбекистонлик ФИФА ҳаками ассистенти Абдуҳамидулло Расулов Осиёнинг 2011 йилдаги энг яхши қанот ҳаками деб топилди.
5 декабрь. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати президент ваколатларини 7 йилдан 5 йилга камайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.
7 декабрь. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг ўн тўққиз йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда 2012 йил мамлакатимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди.
22 декабрь. Ҳамюртимиз Ришод Собиров дзюдочиларнинг жаҳон рейтингида етакчилик қилмоқда.
28 декабрь. «Спорт» телеканали ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Одил Аҳмедов Ўзбекистоннинг 2011 йилдаги энг яхши спортчиси дея тан олинди. Шунингдек, Одил ўзи тўп сураётган «Анжи» жамоасининг ҳам 2011 йилдаги энг яхши футболчиси деб эълон қилинди.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.
“Vatandosh” газетаси, 01.01.2012