Анвар қори Турсунов 1958 йили Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетитини (1981), Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтини (2001) тамомлаган. 1995 йилдан бери имом-хатиблик вазифасида фаолият юритмоқда. 1999 йилдан бери Тошкент шаҳар бош имом-хатиби. 1999 йилдан «Ҳидоят сари» кўрсатувининг бошловчиси. 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган. Найсабурийнинг «Асбобун нузул» китобини таржима қилган. «Мусулмон ахлоқи» номли китоби нашрга тайёрланмоқда.
Анвар қори Турсунов ҳазрат Навоий ижодининг ҳам етук билимдонларидан бири. Тошкент давлат университетининг аспирантурасида таълим олган пайтлари «Навоий ва Ислом» мавзусида илмий ишни тайёрлаган. Лекин ўша давр тақазосига кўра, илмий ишни ёқлашга рухсат беришмаган. Суҳбатимиз Алишер Навоийнинг ҳақсевар шоир эканлиги ҳақидадир.
— Қори ака, Алишер Навоий ҳазратларини буюк шоир ва давлат арбоби сифатида яхши таниймиз. Лекин у зотнинг диний олим бўлганликлари, тасаввуф аҳлидан эканликлари ҳақида умумий маълумотларни биламиз холос. У кишининг исломиятдан улушлари қай даражада бўлган? Қуръони каримни неча ёшда хатм қилганлар? Ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуфда устозлари ким бўлган?
— Алҳамдулиллаҳ. Ассолату вассаламу ала Расулуллоҳ. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ. Менга ҳурмат кўрсатиб, буюк зот ҳақларида Аллоҳ қодир қилганча ўз фикрларимни билдиришга имкон берганингиз учун ташаккур. Ҳазрат Навоийни уммонга қиёсласак бўлади. Ўзбекман деган ҳар бир инсон у кишининг уммони дурларидан баҳраманд бўлиши шарт.
Катта истеъдод, салоҳият эгаси, миллатимизнинг фахри, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижодлари ҳақида гапириш инсондан катта масъулият талаб қилади.
Алишер Навоий ижодларини Қуръони карим, ҳадиси шариф, Ислом тарихи, араб тилининг фасоҳату балоғатини билмасдан туриб ўрганишлик мутлақо мумкин эмас. Ҳазратни ўрганаётган навоийшунос олимларга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтаманки, шоирнинг ижодини шарҳ қилиш, шеърдаги мажоз ва ташбеҳларни тушуниш учун аввало диний саводхонлик етарли бўлиши керак. Навоий «Насойимул муҳаббат» асарида устозлари Жомийдан ушбу ҳикматни келтирадилар: «Ал мажазу қантаратул ҳақиқаҳ» (яъни, мажоз, образли тафаккур ҳақиқатнинг кўпригидир).
Алишер Навоий катта диний олим, фақиҳ, нақшбандия тариқатининг мутасаввуфи бўлганлар. Ҳазрат Қуръони каримни ёдлаган, қалбларига жойлаган зот эдилар. У кишининг ҳар бир байтларида бевосита ва билвосита Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан олинган хулосалар мажозий услубда баён этилади.
Аллоҳ таоло Оли-Имрон сураси 104-оятида шундай марҳамат қилади: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир».
Мана шу ояти каримадан келиб чиқиб, Алишер Навоий «Лисонут тайр»да шундай дейдилар:
Амру наҳйи барчамизға фарзи айн,
Тарки амру наҳйида юз шўру шайн.
Яъни, ҳар биримизга амри маъруф – яхшиликка чақириш ва наҳйи мункар – гуноҳлардан қайтариш фарзи айндир. Кимки буни тарк этса унга бахтсизлик етади.
«Хамса»дан:
Каҳфи бақо ичра алар бўлса гум,
Мен ҳам ўлай робиъуҳум калбуҳум.
Ҳазрат камоли камтарлик билан устозлари Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийни бақо ғорига кирган Асҳоби Каҳфга қиёсламоқдалар. Мен уларнинг тўртинчиси – ит бўлиб, садоқат билан ғорга кирай дейдилар. Қуръони каримдаги Каҳф қиссасини ўқимаган, Аллоҳ таоло китобининг балоғатига тушунмаган киши бу байтларнинг асл маъносини англамайди.
Раъд сурасининг 28-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур».
Бу оятнинг таъсирида Навоий шундай ёзадилар:
Мосиваллоҳ хотиримдин салб қил,
Анда зикрингни ҳузури қалб қил.
Яъни, менинг хотиримдан ўткинчи нарсаларнинг муҳаббатини йўқ қил. Қалбимни Сенинг зикринг ҳузур этсин.
Яна Ҳазрат айтадилар:
Зиҳи такаллуми мўъжиз низомки келгач,
Араб фасиҳларига ҳаром қилди ҳадис.
Улусни тутди Навоий сўзи анинг бирла
Магар Расул алайҳиссалом қилди ҳадис.
Яъни, араб каломида жуда фасоҳатли бўлган зотлар мўъжиз низом – Расулуллоҳ алайҳиссалом келгач сўз айтишга ожиз бўлиб қолдилар. Қуръон инсоннинг сўзи эмасди, ҳадис ваҳий эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини етказгани учун Навоийнинг сўзи улусни тутди.
Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарларини ўқиш шоирнинг ижодларини тушунишга калит бўлади. Бу китобда 770 нафар авлиё зотнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган. Ҳазратнинг соф диний асарлари ҳам бор. Навоийнинг «Сирожул муслимийн» китоблари фиқҳий асар бўлиб, унда Ислом асослари шеърий усулда баён этилган. «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарларида пайғамбар ва ҳакимлар тарихини дақиқ ҳикоялар билан келтирганлар. Энг саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини саралаб олиб, унинг мазмунини бир рубоийда талқин қилиб, «Арбаъин» («40 ҳадис») асарини ёзганлар.
— Алишер Навоий қурдирган масжид, мадраса, хонақоҳ ва бошқа мажмуалар ҳақида маълумот берсангиз.
— Ҳазрат «Вақфия» асарларида ўзлари қурдирган иморатлар вақфи ҳақида ёзадилар. Мирхонднинг «Равзатус-сафо», Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъул вақое» асарларида Навоийнинг хайрия ишлари ҳақида маълумотлар берилган. Алишер Навоий бой киши бўлганлар, лекин шундай бўлса-да, «мен закот беришга қодир бўлмасдим» деб ёзадилар. Чунки қўлларига келган бойликни доимо муҳтожларга хайр қилиб юборардилар.
Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъул вақое» асарида келтирилишича, Навоий 369 масжид, 20 мадраса қурдирганлар, 2 канал қаздирганлар. Бу каналлар қазилишида ҳатто ўзлари иштирок этганлар. Хондамирнинг қайд қилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирганлар. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.
«Вақфия» асарида ёзишларича, у зот ўзларидан кейин қолган мол-мулкларини муҳтожларга ҳар жума улашиб беришни васият қилганлар.
«Бадоеъул вақое»да келтирилишича, Самарқанд шаҳридан фақиҳ зот Ҳиротга «Ҳидоя» китобидан таълим бериш учун борган эканлар. У кишини ҳеч ким кутиб олмай, марҳамат кўрсатмагандан сўнг ҳазрат Навоийга учранг деб маслаҳат беришган экан. Навоий вазиятни билгач, «Низомия» мадрасаси яқинидаги ўз ҳовлиларини самарқандлик фақиҳга бўшатиб берган эканлар.
— Биламизки, уйланиш гўзал суннатлардан бири. Алишер Навоийнинг уйланмаганликлари сабаби нимада бўлган?
— Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Менинг баъзи бир хос умматларим бўлади. Уларни оила менинг зикримдан машғул қила олмайди».
Уламолар ушбу ҳадисни мисол қилиб Ҳазрат Алишер Навоийнинг Аллоҳга бўлган кучли ишқлари, умр бўйи илм таҳсили ва китоблар таснифоти, давлат ва жамият хизмати сабаб уйланолмаганликларини изоҳлашади. Юқоридаги ҳадисда ҳукм фақатгина хос зотлар учун бўлиб, бошқаларга тавсия этилмайди.
«Аксари авқотим аҳодис ва тафосир мутолааси билан ўтарди» дейдилар Ҳазрат Навоий. У зотнинг хос ишқлари шу қадар эдики, бу муҳаббат ўртасига аҳли аёл сиғмасди.
Ишқинг ўтин гар Навоий десангким айлай рақам,
Сўздин куяр қалам, қурур қаро, эрур дават.
Яъни, Аллоҳга бўлган ишқим ўтини рақам билан баён қилай десам сўздан қалам куйиб, сиёҳ қуриб, довот эриб кетади.
Авлиё зотларни қуддиса сирраҳу (уларнинг сирларини Аллоҳ таоло пок қилсин) деймиз. Алишер Навоийнинг уйланмаганликлари ҳам мана шундай пок сирлардан. Лекин бу беҳикмат бўлган эмас. Унинг ҳикматига етиш учун ўша авлиёуллоҳлар даражасида бўлмоқ зарур. Валлоҳу аълам.
— Алишер Навоий асарларидаги ёр образи ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар ёрни буткул илоҳий ишқ тажаллиси деб билса, баъзилар Навоийнинг муҳаббати аёлга нисбатан севгидир деб баҳолайди. Баъзилар эса Навоий асарларида ҳам Илоҳ, ҳам аёл севгиси мавжуд дейди. Айни битта ғазалнинг турли олимлар қилган шарҳида ҳам юқоридаги уч фикрни учратамиз. Сизнинг фикрингиз қандай?
— Алишер Навоий асарларида ёр образи орқали аввало Аллоҳ таоло, Пайғамбар алайҳиссалом, шунингдек пиру устозлар ифодаланади. Ёр дейилганда баъзида қалб ҳам тушунилади.
Давлати васл илтимоси не ҳикоятдур манга,
Буки ёдинг бирла жон берсам кифоятдур манга,
дейдилар Навоий. Яъни, бу дунёда Сенинг васлингга етиш мумкин эмас. Сенинг ёдинг билан жон берсам, менга кифоядир.
«Маҳбубул қулуб»да Навоий айтадилар:
«Сувдин асрағулукдур туфроқ ва балчиғ уйин. Ва ўтдин асрағулуқдур яғоч ва қамиш уйин. Ва елдин асрағулукдур бўз уйин. Ва туфроғдин асрағулукдур кўз уйин. Жамиъи мосиваллоҳдин асрағулукдур кўнгул уйин».
Яъни, тупроқдан бўлган уйни сувдан асраш керак. Ёғоч ва қамишдан бўлган уйни ўтдан асраш керак. Бўздан бўлган уйни шамолдан асраш керак. Кўзни тупроқдан асраш керак. Аллоҳдан ташқари ҳар нарсадан кўнгил уйини асраш керак.
Навоий асарларинини зоҳиран тушунмаслик керак. Унинг ботини англаш учун инсонда исломий илмлар ҳам бўлмоғи лозим. Масалан, ҳазратнинг
Май бирла юзинг тим-тим, аҳмарми экан оё,
Ё шуъла аро бир-бир, аҳгарми экан оё,
байтларининг зоҳирини олиб, майхўрлар ўзларига шиор қилиб олишлари ҳам мумкин. Лекин, унинг ботиний маъноси умуман бошқачадир. Бу ердаги май — маърифат, иймон, Яратганга бўлган ишқдир. Навоий тажоҳили орифона санъатини ишлатиб, ўз қалбларига мурожаат этмоқдалар. Май ичиб, юзларинг тим-тим, қизариб кетдими? Ёки Унинг ишқида ёниб, чўғга айландингми? Ёки:
Сен гумон қилғондин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин
«Ишрабу ё айюҳал-атшон» келур ҳар дам нидо.
Яъни, «Эй ташналар, ичинглар», деганини шароб деб тушунманг. Чунки, сиз гумон қилгандан ўзга маърифат, иймон майи ҳам бор.
Ҳазратнинг
Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади
матлаъли ғазалларини руҳий тарбия уламолари шундай шарҳлайдилар: Алишер Навоий ёшликларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрадилар. Ўшанда Расул алайҳиссалом: «Мен яна келаман», деган эканлар. Ўша ҳолатни, гул юзли Муҳаммад алайҳиссаломни соғиниш асносида ушбу ғазал ёзилган.
Алишер Навоий Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам, ашрафул махлуқот қилиб яратганлиги учун уни ҳурмат қилиш Яратганга муҳаббатнинг белгиси деб эътиқод қилганлар. Инсоннинг ҳусни ҳам Аллоҳ таоло яратган буюк санъат намунасидир. Одамнинг кўринишидаги Яратганнинг буюк қудратини таъриф этишда эса ҳеч қандай шахвоният бўлиши мумкин эмас. Зеро, Навоий «Маҳбубул қулуб»да хослар ишқига таъриф берганидек, «ул пок кўзни пок назар била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий жамолидин баҳра олмоқ»дир.
— Алишер Навоий авлиё зот бўлганлар, дейилади тазкираларда. У кишининг кароматлари ҳақида ҳам маълумотлар сақланганми?
— Ҳазрат Навоий ёшликларидан Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қалбларига жойлаган зоҳид зот бўлганлар. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишернинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, у кишининг:
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш
матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деганлар.
«Руҳул баён» тафсири асосида уламоларимиз фақиҳ шоир Мавлоно Лутфийнинг бу эътирофини шеър учун эмас, балки Навоийда ёш бўлишларига қарамасдан пайдо бўлган ишқи илоҳий учун деб баён қиладилар. Авлиёуллоҳ зотларнинг қалбида кечаси, субҳи содиққа бир соат қолганда нур пайдо бўларкан. Шу нури илоҳий таъсирида жазба ҳосил бўлиб, Аллоҳга яқинлик ҳис этишаркан. Бу ҳолат катта риёзат, таълимдан сўнг ҳосил бўладиган неъмат бўлиб, Мавлоно Лутфийни ҳайратга солган нарса шу ҳолнинг ёш Навоийда пайдо бўлгани эди.
— Навосиз улуснинг навобахши бўл,
Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл.
Ушбу байтларни шарҳлаган ҳолда ҳазратнинг нима учун Навоий тахаллусини танлаганликларига ҳам изоҳ берсангиз.
— Ғазалларда наво сўзи куй, оҳанг, хониш маъносидан ташқари маърифат, ҳақиқат, Яратганга бўлган ишқ таъсиридаги нолавор овоз каби маъноларда келади. Навоийнинг тавозеълари, камтарликлари ушбу байтдан ҳам билинади. Сен маърифатсиз, жоҳил халққа маърифат тарқатгувчи бўл, гарчи Навоий ёмон бўлса-да, сен яхши бўлавер, демоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки ўз айбини тузатиб, бошқаларнинг айбини топишга вақти бўлмаса, унга жаннат бўлсин». Ўзини ўзи тафтиш қилиш, нафси билан мужодала қилиш инсонни комилликка олиб боради. Ўз айбини кўрмасдан бошқалардан нуқсон қидириш эса маънавий таназзулга олиб боради.
— Алишер Навоий давлат арбоби ва мураббий сифатида мамлакат, дин ва миллатнинг тараққий этиши учун қандай ғояларни илгари сурган?
— Ҳозирги кунда долзарб бўлган «оммавий маданият», маънавиятга қарши буҳронларнинг олдини олишда энг яхши даволардан бири Ҳазрати Навоийни ўрганишдир.
Алишер Навоий ҳаётларининг охирларида «Маҳбуб ул-қулуб» насрий асарини ёздилар. Бу асар буюк ижодкорнинг ҳаёти давомида олган хулосалари қаймоғидир. Ҳар бир фаслида муаллиф ўзлари яшаган даврдаги бир табақа ҳаёти, ахлоқи ва вазифалари ҳақида суҳбат юритиб, уларнинг яхши ишлари ҳақида ҳам, айб ва нуқсонлари ҳақида ҳам гоҳ ҳалимлик билан, гоҳ ғазаб-нафрат билан мулоҳаза юритадилар, амри маъруф, наҳйи мункар қиладилар.
Ёшлар Навоийни кўп ўқиши керак, ўрганиши керак. У зот баён қилган ҳақиқатларни ҳаётга татбиқ этиш керак. Навоийни тушуниб ўқиган авлоддан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.
Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=6