Данлар, данияликлар (ўзларини данскере деб атайдилар) — Даниянинг асосий аҳолиси (4,98 млн. киши, 2011) бўлган халқ. Шунингдек, Швеция, Норвегия, Германия, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларда яшайдилар. Умумий сони 6,9 млн. киши. Европеоид ирқига мансуб. Дан тилида сўзлашади. Диндорлари, асосан, лютеранлар, протестантлар, католиклар ҳам бор.
• Кичик балиқ ўлгунга қадар катта балиқ бўлишни умид қилади.
• Ялтоқлик уни юта оладиганлар учун лаззатли луқмадир.
• Мусибатдан сўнг ўгит бериш ўликка дори бериш билан баравардир.
• Ваъдалар мамлакатида инсон очликдан ўлади.
• Агар соқол куч белгиси бўлганида, эчки қўмондон бўларди.
• Кар эр билан кўр хотин бахтли жуфт бўлади.
• Оч нон истайди, бой — иштаҳа.
• Ёлғончига бир мартадан кўп ишонмайдилар.
• Ҳали печдан чиқмаган нонни мақтама.
• Ёмон фикрдан халос бўлиш қийин: у пашшага ўхшайди — бир жойингдан қувсанг иккинчи жойингга қўнади.
• Меҳнат — пиёда, шодиёна — югурик.
• Қирғоқдан денгиз гўзал, денгиздан — қирғоқ.
• Юрак ва ҳамённи қулфда сақла.
• Айбдорни топиш йўлида айбсизни ҳам уришга тўғри келади.
• Қочиб қутулишнинг имкони бўлмаса, чидаш афзал.
• Бир қоп пул икки қоп ҳақиқатдан ҳам оғир келади.
• Сафсата ва миннатдорлик ҳеч қандай инсонни бой қилмайди.
• Севги йўллари ҳеч қачон узоқ бўлмайди.
• Энг яхшиси — етарлиси, ортиқчаси бошга бало бўлади.
• Яхши асбоб — ишнинг ярми.
• Гўштни итнинг уйчасида сақлаб бўлмайди.
• Бойвачча болакай камбағал онанинг тиззасида ўтиради (яъни, она фарзандига ҳамма нарсасини беради).
• Энг яхши маслаҳатни сенга ёстиғинг беради.
• Йил сенга ҳеч нарса ато қилмайди — у бошланади ва тугайди, холос.
• Қуш бошинг устида учсин, лекин у ерга уя қуришига йўл қўйма.
• Ҳақиқий дўстнинг уйига борар йўл узоқ эмас.
• Йўқсиллик айб эмас, аммо у билан яшаш мушкулдир.
• Тақдиридан рози киши вазиятни яхшилаш учун доимо йўл топади.
• Бошқаларга ўзингга гапирганингдан камроқ гапир.
• Душманинг чумолидек кўринса ҳам уни филдек бил.
• Ҳақиқат учун жон чекмак ёлғон билан тўқчиликка эришгандан афзалдир.
• Орқага қайтмайдиган сувларга ачинма
• Ўзини алдаш — энг ёмон алдов.
• Дазмолни қизиғида бос.
• Пояфзал тўғри келса, уни кийиш керак.
• Қулайлик ҳеч қачон вақт танламайди.
• Хўжайин йўқ жойда тартибсизлик ҳукм суради.
• Ўзингни ислоҳ қилмагунингча бировни танқид қилма.
• Қўлдаги битта қуш ҳаводаги ўнта қушдан афзал.
• Ҳеч қачон бўлмаганидан кеч бўлгани афзал.
• Ҳуриган ит тишламайди.
• Бир марта бўлган воқеа бошқа сафар ҳам рўй беради.
• Илк келган меҳмонга биринчи бўлиб хизмат қиладилар.
• Уйдаги қаттиқ нон бировнинг барра гўштидан афзал.
• Халқнинг овози — Ҳақнинг овози.
• Дўзахга олиб борувчи йўл ўйин-кулгудан иборат.
• Куч — билимда.
• Ўрмонда адашиб қолишингга дарахтлар сабабчи эмас.
• Шоир бўлиб туғиладилар, нотиқ бўлиш учун тинмай меҳнат қиладилар.
• Яхши ном барча бойликлардан афзал.
• Пулинг йўқ — швейцар ҳам йўқ.
• Тутунсиз олов йўқ.
• Худойим, мени дўстларимдан асра, душманларим билан ўзим келишиб оламан.
• Яхши бошланган иш яхши тугайди.
• Мардликнинг йўқолгани — барча нарсанинг бой берилгани.
• Тақдири азал мардларни хуш кўради.
• Вақт ва тошқин ҳеч қачон кутиб ўтирмайди.
• Ярқираган ҳар нарса олтин эмас.
• Уч марта ўлчаб, бир марта кес.
• Янги супурги тоза супуради.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.