Шоҳимардонда йўқолиб кетаётган бир қанча миллий урф-одат, анъаналаримиз сақланиб қолган. Ана шундай авлоддан авлодга ўтиб, камол топаётган анъаналардан бири полвонлик ва дорбозлик ўйинларидир. Қадимдан Шоҳимардон полвон ва дорбозлари юртимиз ва жаҳоннинг кўплаб давлатларида бўлиб, ўзларининг куч ва маҳоратларини намойиш этганлар.
Айни пайтда Шоҳимардон марказидаги иккита дор майдонида навбат билан 3 та полвонлик ва дорбозлик труппалари ўз санъатини намойиш этмоқда: Лочин Усмоновнинг набиралари, Турсунали полвон труппаси, Аҳад полвоннинг дорбозлик труппаси.
Томошалар аввалида мухлисларни чорлаш учун овоз кучайтиргичларда мусиқа қўйилади. Бу махсус сигнал бўлиб, томоша бошланаётганидан дарак беради. Томошалар мутлақо бепул, хоҳлаган киши хоҳлаганча томоша қилиши мумкин, аммо… Бу ҳақида бироздан сўнг.
Кейинги навбат энг ёш полвонларнинг ўйинларига берилади. Бунда 8-10 ёшли полвонлар полвонтошлар, турли акробатик ўйинлар билан томошабинларни баҳраманд этишади. Бунда 32 килолик тошларни юқорига кўтариш, отиб ўйнаш, ярим доира шаклида ўзидан 6-7 баравар оғир юкни кўтара олиш, автомобил тортиш, пичоқли нарвонлардан кўтарилиш, юқоридан шишали ерга сакраш, олов ҳалқалардан акробатик усулда сакраб ўтиш, олов устида юриш каби трюклар бажарилади.
Ёш полвонларнинг энг қийин машқи олдидан дидактик танаффус эълон қилинади. Унда бошловчи қўлини дуога очиб, аввало элу юртга омонлик, меҳмонларга хотиржамлик, фарзанди йўқларга ўғил-қиз тилаб, узундан узоқ дуо ва маъруза қилиб, мақсадга ўтади: “Мана шу болани санъатини кўриб, ўғлим бўлса, полвон бўлсин деб ҳавас қилиб, кўнгилдан чиқарган битта марддан 2000 та сўм сўрадим, у ҳам бўлмаса 1000 та сўм, у ҳам бўлмаса 500 та сўм. Униям ҳаммаданмас. Марддан сўрадим, сахийдан сўрадим. Берсанг бераман деган, мардга бераман деган. Рўзғоридан орттирган бўлса, Шоҳимардонга атаган бўлса, шулардан сўрадим. Мана шу болага нима мақсадда берган бўлса, шу ерга келиб нимани сўраган бўлса, Аллоҳ ниятига етказсин!”.
Шундан сўнг қаҳрамон болакай ўртада туриб, томошабинлардан келаётган ҳадяларни қабул қила бошлайди. Бошловчи эса, пул бераётганларнинг ҳақига дуо қилиб туради. Ўртага чиқиб пул бераётганлар сони камайгандан сўнг, бошловчи: “Энди бизнинг ота-боболаримиздан қолган анъанамиз бор, ўнг томондан айланиб, йиғинимизга атаганларнинг ҳадяларини йиғиштириб чиқасиз. Беришга пули бўлмаса-да, хижолат бўлиб, шу болани пешонасидан силаб қўйганнинг ҳам мақсадини Аллоҳ бераверсин!” – дейди. Бу ҳолат деярли ҳар бир намойишдан сўнг такрорланади. Ёши катта полвонлар дуо орқали гипноз қилиш санъатини яхши эгаллаганлар. Болакай давра айланиб бўлганидан сўнг ҳам бошловчи дуо қилади, шундан сўнг машқ бажарилиб, кейинги иштирокчига навбат берилади.
Даврага иллюзионист-кўзбойлоғич чиқиб, билган трюкларини намойиш этади. У ҳам энг қизиқ трюки олдидан қўлини дуога очиб, аввалги ҳаракатни такрорлайди. Орадаги вақтдан бошловчи фойдаланиб олади. Ўзи олиб келган китобни обдон реклама қилиб, савдони бошлайди. Биринчи тақдим этилган китоб гиёҳлар ҳақида бўлиб, бошловчининг айтишича, бу жажжи китобнинг ичида давоси йўқ дардларга ҳам шифо бор эмиш. Ҳар бир хонадонда бўлиши шарт бўлган китобларданмиш. Бу китобнинг баҳоси 700 сўм (Тошкентда эса бу китобни атиги 300 сўмга харид қилиш мумкин).
Шундан сўнг даврага катта полвонлар чиқиб, ўз маҳоратларини намойиш этадилар. Уларнинг бажараётган машқлари жуда мураккаб бўлиб, айни пайтда жуда хавфли ҳамдир. Полвонтошлар билан ўйновчи полвон машқни бошлашдан аввал йиғиндаги шуғулланган йигитлардан биронтасини даврага таклиф этиб, 70 килолик тошлардан бирини кўтариб кўришини сўрайди. Томошабин полвон уни елкасигача оладию, юқорига кўтаролмайди. Шундан сўнг ҳақиқий полвон шу каби тошлардан 4-5 тасини кўтариб, ўйин кўрсатади. Полвонлар ҳам нотиқ бўлиб кетишган. Ўзларига эътибор қаратиш учун “Менинг битта камчилигим бор, қарсак бўлмаса ўйнолмайман” деб талаб қилишади. Қарсак чалмаганларни баъзида маломат ҳам қилишади, ярим чин, ярим ҳазил оҳангда “қарсак чалмаганларни Шоҳимардонда кечаси билан бурга талаб чиқсин”, – дейдилар.
“Рембо” лақабли полвоннинг кўрсатган машқлари кўпчиликка маъқул тушди. У 110 килоли томошабин йигитни бир қўлида юқорига кўтариб, иккинчи қўлининг синчалоғида 70 килограммлик тошни, бир оёғида ҳам шундай тошни бирданига кўтариб, “вертолёт” усулида айлантирди. 18 ёшлик Сардор полвоннинг “самолёт” трюки ҳам анча мураккаб бўлиб, бунда у томошабинлардан 3 нафарини даст кўтарганча самолётдек парвоз қилдиради. Азиз полвоннинг 60 килолик тошларни юқорига отиб, елкаси билан уриши ва 2 тонналик “Волга” машинаси орқага юргани ҳолда, у тиши билан олдига тортиши (машина ғилдираклари мувозанатни сақлай олмай турган жойида айланаверади) машқлари томошабинларда катта таассурот қолдиради.
Энг қизиқарли трюк томошанинг охирида намойиш этилади. Шундай бўлса-да, бошловчи мухлисларни қизиқтириш мақсадида, “ҳозир дор ўйинларимиз бошланади, 5 метрлик илон билан ўйинларимиз ҳали олдинда”, дея анонс бериб туради. Навбат ҳайвон ўйинларига берилади. Катта бўғма илонни олиб чиқиш учун кетган вақтдан фойдаланган бошловчи навбатдаги китобни сотишга улгуради: “Тушлар таъбири” – 1000 сўм (Тошкентда 500 сўм).
Ҳайвон ўйинларида одатда, маймун, эчкемар, илон, қушлар билан ўйин кўрсатилади. Эчкемар ва илон ўйинлари унчалик қизиқ бўлмаса-да, уни кўрмаган одамларга қизиқ туюлади. Аслида у ҳайвонлар даврада шунчаки намойиш этилади, холос.
Баъзи томошалар кечқурун ҳам давом этади. Томошанинг охирида асосий ўйинлардан бири – дор бошланади. Бошловчи мухлисларни ўз эътиборига қаратиб, дорга чиқиб кетаётган дорбозга оқ фотиҳа беради. Дорбоз 10 килолик лангарни кўтариб мувозанат сақлаганча дорга кўтарилади. Бу сафарги дорбозлар 16-20 ёшлардаги қизлар экан. Аввал каттароқ ёшдаги дорбоз қиз маҳоратини намойиш этади. Гарчи бу кеч ёмғир ёғиб, чақмоқ чақаётган бўлса-да, томошабинлар майдонни тарк этмаганлар. Дорбоз қиз эса табиатнинг бу инжиқлигига қарамай, дор устида турли машқларни бажармоқда. Шундан сўнг, яна иккита қиз ҳам дорга кўтарилади. Улар биргаликда дор устида акробатик машқлар кўрсатишади. 2 ёшлик Динорақизнинг дор устидаги машқлари барчани қоил қолдирди. Дор ҳақи расм-русумларидан сўнг, томоша тугаганлиги ҳақида эълон берилади.
Шоҳимардондан совғалар
Шоҳимардондан одатда қалампирмунчоқ, кўзмунчоқ, мўмиё, турли гиёҳлар (кийикўт, зира, далачой), қурут, ўрик қоқи каби совғалар олишади. Булар табиий маҳсулотлар бўлиб, яқинларингизга тоғ нафасини тақдим этади. Ёрдон, Кўли Қуббон водийсидан табиий декоратив тошларни териб олсангиз, қизиқувчилар учун у ҳам яхши совға бўлади.
Шоҳимардонга сиз ҳам ташриф буюринг. Ўз кўзингиз билан кўришга нима етсин.
Давронбек Тожиалиев,
2009 йил, 31 июль – 3 август.
Шоҳимардон саёҳати. 1-қисм. Танишув
Шоҳимардон саёҳати. 2-қисм. Гавжум қадамжолар
Шоҳимардон саёҳати. 3-қисм. Жума кунида
Шоҳимардон саёҳати. 4-қисм. Миллий ўйинлар намойиши
Шоҳимардон манзаралари (видео)
Alloh sizdan rozi bo’lsin xuddi uyimga borib kelgandek bo’ldim, necha yildirki chetdaman, xatto rasmlarda tanish kishilarni ham ko’rdim, barchangizni bizning go’zal qishloqlarimizga mehmonga taklif qilaman (garchi yo’llari muammoli bo’lsada)