– Рейтинг –
АҚШДАГИ ЭНГ СЕРДАРОМАД КАСБЛАР
Американинг СareerBuilding.com интернет портали АҚШнинг энг кўп ҳақ тўланадиган касблари рўйхатини эълон қилди. Рейтингнинг юқори 8 та ўрнини шифокорлар эгаллашган. Уларнинг ойлик иш ҳақлари топ-менежерлар, юристлар, фуқаро авиацияси учувчилари ва маркетологларникидан анча кўпдир.
АҚШ меҳнат статистикаси бюросининг маълумотларига қараганда, Америкада хирурглар энг кўп ойлик оладилар. Уларнинг ўртача йиллик иш ҳақлари 182 минг долларни ташкил этади. Иккинчи ўринда эса хирургларнинг ёрдамчилари ва жамоадошлари врач-анестезиологлар туришибди. Washington Profileнинг ёзишича бу соҳа вакиллари йилига ўртача 174,6 минг доллар ойлик оладилар. Рўйхатда 3-ўринни акушер-гинекологлар эгаллашган. Уларга ҳам йилига ўртача 174,6 минг доллар иш ҳақи тўланади.
Кейинги 5 поғонадан ҳам медиклар ўрин олган: юз хирургияси мутахассиси – йилига 169,6 минг доллар; терапевт – йилига 156,8 минг доллар; протезист-стоматолог – йилига 156,7 минг доллар; ортодонт – йилига 153,2 минг доллар; психиатр – йилига 151,4 минг доллар;
Кўриниб турибдики АҚШда тиббиёт ходимлари энг кўп даромад келтирадиган маркетинг ва бизнес соҳаси мутахассисларидан ҳам юқори ойлик оладилар.
АҚШда топ-менежерлар (Chief Executive Officer, CEO) йилига 140,9 минг доллар ойлик олишади. Ишлаб чиқариш бўйича раҳбарлар эса йилига иш ҳақи учун 140,2 минг долларга имзо чекадилар.
Кейинги ўринларда яна тиббиёт соҳаси вакилларини кўришимиз мумкин: врач-педиатрлар – 140 минг доллар; умумий амалиёт врачлари – 138 минг доллар.
Фуқароларнинг узоғини яқин қиладиган учувчиларнинг йиллик ойлиги 134,9 минг долларни ташкил этади. Тишларимизни даволайдиган дантистлар эса йилига 132,7 минг доллар иш ҳақи олишса, оёқ ости ва товонлар касалликлари бўйича мутахассис – подиаторлар 111,1 минг ойлик олишади.
Шундай қилиб врачлар юристлардан ҳам ўтиб кетишди. Уларнинг йиллик иш ҳақлари ўртача 110 минг долларни ташкил этади. Энг кўп ҳақ тўланадиган соҳалар рейтингидан авиадиспетчерлар (100,4 минг доллар), компьютер ва ахборот тармоқлари менежерлари (100,1 минг доллар), маркетинг бўйича менежерлар (100 минг доллар) ҳам ўрин эгалладилар.
Юқори йиллик иш ҳақи ҳар доим ҳам бахт келтиравермайди. Кўп ҳолларда аксинча бўлади: юқори ойлик оладиган мутахассисларда руҳий тушкунлик ва чарчаш ҳолати кўп кузатилади. Бу даражага етишиш учун эса йиллаб оғир меҳнат ва ўрганиш талаб қилинади. Шунинг учун ҳам Америкада ўтказилган сўнгги сўровнома натижасига кўра медик-мутахассислар АҚШдаги энг зўр касб вакиллари дея тан олинди.
Врачлар энг бахтиёр касб эгалари рейтингидан жой ололмадилар. Буюк Британияда ўтказилан сўров натижаларига кўра косметологлар, бўёқчилар ва сартарошлар ўзларини энг бахтли касб эгалари деб ҳисобларканлар. Хуллас калом, пул деганлари ҳар доим ҳам бахт келтиравермас экан.
АҚШДАГИ ЭНГ СЕРДАРОМАД КАСБЛАР РЕЙТИНГИ:
1. Хирург – 182 минг доллар
2. Врач-анестезиолог – 174,6 минг доллар
3. Акушер-гинеколог – 174,6 минг доллар
4. Юз хирургияси мутахассиси – 169,6 минг доллар
5. Терапевт – 156,8 минг доллар
6. Протезист-стоматолог – 156,7 минг доллар
7. Ортодонт – 153,2 минг доллар
8. Психиатр – 151,4 минг доллар
9. Топ-менежер – 140,9 минг доллар
10. Ишлаб чиқариш бўйича раҳбар – 140,2 минг доллар
11. Врач-педиатр – 140 минг доллар
12. Умумий амалиёт врачи – 138 минг доллар
13. Фуқаро авиацияси учувчиси – 134,9 минг доллар
14. Дантист – 132,7 минг доллар
15. Подиатор – 111,1 минг доллар
16. Юрист – 110 минг доллар
17. Авиадиспетчер – 100,4 минг доллар
18. Компьютер ва ахборот тармоқлари менежери – 100,1 минг доллар
19. Маркетинг бўйича менежер – 100 минг доллар
АбдулАзиз тайёрлади.
«7 мўъжиза» газетаси, 25.05.2006