– Рекордлар –
ГИННЕСНИНГ РЕКОРДЛАР КИТОБИДАН
Ҳиндистонлик Ниина ва Муҳаммад Чаудхарилар 1989-1991 йиллари дунё бўйича энг биринчи ва тез автомобилда саёҳатни амалга оширдилар. Улар 40075 км масофани (экватор масофасидан ҳам узун) 69 кун, 19 соат, 5 минутда, 1989 йил 9 сентябрдан 17 ноябргача босиб ўтганлар.
* * *
Исроиллик Тел Бертнинг бир ўзи мотоциклда жаҳон бўйлаб, 21329 км масофани босиб ўтган. У ўз саёҳатини 1992 йил, 1 июнда Париждан бошлаб, 77 куну 14 соатда, 17 август куни яна Парижга кириб келган. Телнинг бир кунлик йўл босиш меъёри 277 км ни ташкил қилган.
* * *
Белгиялик Сигфрид Верхаяк, Люк Беле ҳамда даниялик Мартин Арсебаллар ўзларининг тоғ велосипедларида Хитойдаги баландлиги 7008 м бўлган Музтоғ қорли чўққисига кўтарилишган (2000 йил, 11 август). Улар бу ишни 10-12 кг лик велосипедларида 14 кунда бажаришган.
* * *
Австралиялик Ханспетерт Бек ўзининг бир ғилдиракли велосипедида Порт Хедленддан Мельбурнгача (Австралия) бўлган 6237 км лик масофани 51 кун, 23 соат, 25 минутда босиб ўтган (1985 йил, 30 июндан 20 августгача)
* * *
Авторикша – жуда енгил, эшиксиз, соатига ўртача 50км/с тезликка эга бўлган, асосан Ҳиндистонда такси ўрнида фойдаланиладиган транспорт воситаси. Инглиз Кен Твайфорд ва Жералд Смьюинглар авторикшада Ҳайдарободдан (Ҳиндистон) Ланкастерширгача (Буюк Британия) бўлган 19165 км лик масофани 1999 йил 17 декабрдан 2000йил 23 июнгача босиб ўтишган. Улар ўз саёҳатлари давомида Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Греция, Италия, Франция ҳудудларини ишғол қилганлар.
* * *
АҚШлик Курт Осборн Голливуддан (Калифорния, АҚШ) Орландогача (Флорида, АҚШ) бўлган 4569 км лик масофани “ВМХ” велосипедининг орқа ғилдирагида босиб ўтди. Велосипед махсус жиҳозланган бўлиб, юмшоқ ўриндиқ ва тепки қулай тарзда ўрнатилган, олди ғилдирак олиб ташланган эди. Ўртача 16 км/с тезликдаги саёҳат 13 апрелдан 25 июнгача давом этди (1999).
* * *
Австралиялик Гэри Парсонс 19030 км лик масофани 274 куну 8 минутда югуриб босиб ўтди. 1999 йил 8 ноябрда у ўзининг Австралия бўйлаб саёҳатни (14399,3 км) 197 кун, 23 соат, 49 минутда якунлади. Кейин у Тасманияни айланиб чиқди. Гэри ўзининг супермарафонида бир қанча масофавий рекордларни ҳам ўрнатди:
10000 км (135 кун, 9 соат, 50 минут).
15000 км (205 кун, 23 соат, 7 минут).
16093 км (221 кун, 1 соат, 7 минут).
* * *
Словениялик тоғ-чанғи устаси Даво Карникар чанғида Эверест чўққисидан белгиланган лагергача 5 соатда тушди (2000 йил, 7 октябрь). У 8848 м дан 5350 м гача чанғисини ечмади. Давонинг тоғни ўрганиб, эҳтиёт чораларини кўришига бир ойга яқин вақт кетди.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.
«Ma’rifat» gazetasi, 12.06.2003
[singlepic id=51 w=500 h=500 float=center]